среда, 1 февраля 2017 г.

МОМОЛАР ЧАНҚОВУЗИ


Жажжигина қизалоқнинг лабига чанқовузни қистириб  куй чалаётганини кўрган Саодат опанинг кўнгли яйраб кетди. Яқиндагина унга чанқовуз  чалишни ўргатган эди, мана  қизгина дарров ўрганиб олибди. Кўнглига момоларнинг қадимий мусиқа асбоби – чанқовуз меҳри тушган қизни опа ички бир муҳаббат ила кузатди.

Қалбида санъатга, мусиқага иштиёқи баланд  Гулноза Мансурова Янгиер шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг 7-синфида таҳсил олади. У  барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда санъатга меҳр қўйган. Гулноза шаҳардаги мусиқа мактабининг  фортопиано йўналишида ҳам билим олади. У миллий куйларни жуда яхши кўради. Устозлари кўмагида  турли куй-қўшиқларни ўрганиб бораяпти. Мактабдаги  турли тадбирларда фаол иштирок этади. Айниқса,  бугунги кунда сал унутилаёзган мусиқа асбоби- чанқовузда гўзал куйлар чалиб, ҳамманинг эътиборини қозониб келмоқда.
– Шарқ куйлари, миллий мусиқа тинглаш жону дилим,-дейди у жилмайиб.
Шу борада момоларимиз чалган қадимий чанқовуз оҳанглари мени сеҳрлаб қўяди.Уни чалганимда ўзимни бутунлай бошқа оламда юргандек ҳис қиламан. Бежизга қадимда онажонларимиз, момоларимиз ундан роҳат олишмаганига  ишондим...
Гулноза келажакда  мусиқачи бўлишни орзулайди. Ўзи яратадиган куйларда бахтиёр ўзбек қизининг барча шодликлари, орзу умидлари жо бўлишини  ният қилади. Ўз навбатида биз ҳам  санъатсевар қизнинг  орзулари ушалишида  фақат омад тилаб қоламиз.


Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий